Пайариқда 3 ёшли бола сув ҳавзасига тушиб ҳалок бўлди
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида жойлашган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси сув ҳавзасига тушиб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 5 июнь куни Пайариқ туманидаги “Сарбозор” маҳалласида жойлашган “Юлдузча” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси, 2023 йилда туғилган Р.М. муассаса яқинидаги умумтаълим мактаби ҳудудида фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун қурилган сув ҳавзасига тушиб кетган.
Оқибатда бола ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Пайариқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси марҳум тарбияланувчининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.
