Ёқилғи танқислиги Москва ва Санкт-Петербургга ҳам етиб борди
Россияда ёқилғи тақчиллиги мамлакатнинг Европа қисми бўйлаб кенгайиб, энди Москва, Москва вилояти, Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятини ҳам қамраб олди.
Қатор ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин ва дизель сотувига чекловлар жорий этилган. Айрим АЁҚШларда ҳайдовчиларга 20 литрдан ортиқ бензин берилмаётган бўлса, бошқаларида лимит 90–100 литр этиб белгиланган. Баъзи ҳолатларда ёқилғи сотуви вақтинча тўлиқ тўхтатилган.
Муаммолар Смоленскдан Самара ва Челябинскгача бўлган ҳудудларда кузатилмоқда.
Шу билан бирга, нархлар ҳам ошиб бормоқда. АИ-95 бензинининг биржа нархи Санкт-Петербург товар биржасида тоннаси учун 81,6 минг рублга яқинлашиб, тарихий максимумга етди.
Вазият фонида Россия ҳукумати айрим нефтьни қайта ишлаш заводларига сифати пастроқ бензин ва дизель ишлаб чиқаришга рухсат берди. Расман бундай ёқилғи «Евро-5» сифатида сотилади, аммо таркиби бўйича «Евро-3» стандартига яқин деб баҳоланмоқда.
Расмийларга кўра, бу қарор нефтьни қайта ишлаш заводларига берилган зарбалар ва логистикадаги узилишлар туфайли бозордаги таклиф қисқаргани билан изоҳланмоқда. Шунингдек, ички бозорни барқарорлаштириш мақсадида бензин экспорти тақиқланган ва дизель маҳсулотларини четга чиқаришга чекловлар жорий этилган.
Бироқ ёқилғи сифатига қўйилган талабларни юмшатиш ҳам тақчиллик муаммосини тўлиқ ҳал қила олмаяпти. Шу сабабли Россия ёқилғи етишмовчилиги шароитида Беларусьдан бензин харидларини кескин оширган.
