Бу йил «Олтин қалам» кимларга насиб этди?
Мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаган, жамиятдаги долзарб мавзуларни холис ва ҳаққоний ёритиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимларини рағбатлантириш анъанаси давом этмоқда. Соҳанинг энг нуфузи тадбирларидан бири ҳисобланган «Олтин қалам» халқаро миллий мукофотининг навбатдаги ғолиб ва совриндорлари номи эълон қилинди. Тўртта асосий йўналиш — босма нашрлар, интернет журналистикаси, радио ҳамда телевидение соҳасида энг юқори натижа кўрсатган ижодкорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Ижтимоий-сиёсий ва маърифий жараёнларни чуқур таҳлил қилиб келаётган матбуот нашрлари ўртасидаги баҳсда қуйидаги ижодкорлар эътироф этилди:
1-ўрин: Миллий маърифат ва жадидчилик ғояларини тарғиб этишдаги улкан ҳиссаси учун Бош муҳаррир Иқбол Мирзо раҳбарлигидаги «Жадид» газетаси таҳририяти жамоаси лойиқ кўрилди.
2-ўрин: Таниқли журналист, Мудофаа вазири маслаҳатчиси Олимжон Ўсаровга насиб этди.
3-ўрин: Қорақалпоғистон ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий мавзуларни фаол ёритиб келаётган мухбир Алёна Аминова муносиб кўрилди.
Замон билан ҳамнафас одимлаётган ва тезкор ахборот маконида ўз ўрнига эга бўлган рақамли ОАВ вакиллари орасида кучли учлик қуйидагича кўриниш олди:
1-ўрин: Салмоқли таҳлилий материаллари билан ажралиб турувчи Anhor.uz нашри Бош муҳаррири ўринбосари Бобуржон Каримовга топширилди.
2-ўрин: Тезкорлик ва сифатни уйғунлаштирган Zamon.uz нашри Бош муҳаррири ўринбосари Жавоҳирбек Турсунов лойиқ кўрилди.
3-ўрин: Ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқлари тизимидаги долзарб масалаларни ёритувчи «Ishonch.uz» нашри муҳаррири Мафтуна Каримовага насиб этди.
Ғойибона эфир орқали тингловчилар қалбига йўл топган, аудиожурналистика ривожига ҳисса қўшаётган ижодкорлар ҳам юксак эътирофга сазовор бўлишди:
1-ўрин: «Ёшлар» телерадиоканали бош муҳаррири Наргиза Камолова ғолиб деб топилди. Эътиборли жиҳати, маҳоратли ижодкор 2019 йилда ҳам ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлган эди.
2-ўрин: Кўпчиликнинг меҳрини қозонган «Орият Доно» радиоси бошловчиси Санжар Турсуновга насиб қилди.
3-ўрин: Ҳудудий радиоэшиттиришлар ривожига меҳнат синдираётган «Навоий» радиоси катта муҳаррири Шаҳноза Маҳмудова лойиқ деб топилди.
Экран орқали воқеалар марказидан лавҳалар узатувчи, томошабинлар эътиборидаги тележурналистлар:
1-ўрин: Ўзига хос услубга эга «Руҳсор» телеканали мухбири Аҳроржон Зиятовга топширилди.
2-ўрин: Кенг оммалашиб бораётган «Сафар» телелойиҳаси муаллифи Умидахон Нурматова эгаллади.
3-ўрин: «Renessans» телеканалининг ёш ва интилувчан журналисти Оллоёрхон Хасановга насиб этди.
«Олтин қалам» миллий мукофоти соҳа вакиллари учун нафақат юксак шараф, балки келажакдаги ижодий парвозлар учун катта масъулият ҳамдир. Барча ғолиб ва совриндорларни ушбу муваффақият билан муборакбод этамиз.
