Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари 24 соатлик иш режимига ўтади
Қозоғистон Мажилиси депутатлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги чегара назорат-ўтказиш пунктлари тўғрисидаги 2006 йилги битимга киритилган ўзгартишларни ратификация қилди.
Қозоғистон транспорт вазири Нурлан Суранбаевнинг маълум қилишича, мазкур ўзгартишлар тўғрисидаги протокол 2024 йил 8 август куни Остона шаҳрида имзоланган.
Унга кўра, икки давлат ўртасидаги чегара назорат-ўтказиш пунктлари икки томонлама мақомдан кўп томонлама мақомга ўтказилади. Шунингдек, уларнинг иш вақти кундузги тартибдан кеча-кундуз, яъни 24 соатлик иш режимига ўзгартирилади.
Расмийларга кўра, ушбу чоралар чегара ўтказувчанлигини ошириш, йўловчилар учун қулайлик яратиш ҳамда туризм соҳаси ривожига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, ўзгартишлар икки мамлакат ўртасидаги транспорт ва транзит алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланган.
Нурлан Суранбаевнинг қайд этишича, мазкур қарорларни амалга ошириш учун давлат бюджети ҳисобидан қўшимча маблағ ажратиш талаб этилмайди.
