Бир суратда 60 миллион юлдуз. Янги сайёралар оламига ов бошланди
Маълумотларга кўра, Европа космик агентлиги (ESA) астрономлар томонидан Сомон Йўли галактикаси марказининг кўринадиган ёруғлик диапазонида олинган тарихдаги энг йирик ва энг батафсил тасвирини эълон қилди.
«Евклид» космик телескопи ёрдамида 60 миллиондан ортиқ юлдуз, шунингдек, турли туманликлар ва юлдузлар тўдалари суратга олинди.
Телескопнинг юқори аниқлик даражаси ва сезувчанлиги галактиканинг ушбу зич жойлашган қисмида, ҳатто энг хира порлаётган юлдузларни ҳам алоҳида-алоҳида ажратиб кўрсатувчи мислсиз даражадаги батафсил тасвирни олиш имконини берди.
Якунда тўққизта ҳудуддан иборат мозаикали сурат яратилди. Ушбу ҳудудларнинг ҳар бири майдонига кўра тўлин Ойдан ҳам каттароқ бўлиб, астрономлар учун улкан ҳажмдаги маълумотлар базасини тақдим этди, дейилади эълонда.
