Ўзбекистонда Франция визаси учун ҳужжат топшириш тартиби ўзгаради
Жорий йилнинг 1 июлдан бошлаб Тошкентдаги TLScontact виза марказида Францияга қисқа муддатли визалар учун янги учрашув тизими ишга туширилади. Бу ҳақда компания сайтида хабар қилинди.
Қайд этилишича, эндиликда аризачилар учрашув санасини онлайн тарзда мустақил танлаб, банд қила олмайди. Бунинг ўрнига тизим мавжуд бўш жойлардан келиб чиқиб, учрашув санасини автоматик равишда белгилайди.
Янги тартиб фақат 90 кунгача бўлган туристик визалар учун амал қилади. Қолган барча виза тоифалари бўйича учрашувни брон қилиш тартиби ўзгаришсиз қолади.
Янги тизимга кўра, аввало аризачи TLScontact сайтида рўйхатдан ўтиб, виза учун зарур маълумотларни тақдим этади. Ариза қабул қилингач, у навбатга қўйилгани ҳақида тасдиқловчи хабар юборилади. Бўш вақт пайдо бўлгач, аризачига электрон почта орқали учрашув санаси ҳақида хабарнома юборилади. Шундан сўнг аризачи хизмат ҳақини тўлаш ва учрашувни тасдиқлаш учун 24 соат вақтга эга бўлади. Белгиланган муддат ичида тасдиқланмаган учрашув бекор қилиниши мумкин.
Қайд этилишича, мазкур тизим виза аризачиларини фирибгар воситачилар ва қиммат учинчи томон агентликларидан ҳимоя қилиш, шунингдек, барча аризачилар учун учрашувларга адолатли ва шаффоф киришни таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония жорий йил 1 июлдан бошлаб хориж фуқаролари учун виза расмийлаштириш нархини беш баробарга ошириши ҳақида хабар берилган эди.
