Сирдарёда «Каптива» юк машинаси билан тўқнашиб, 3 киши ҳалок бўлди
9 август куни Сирдарё вилояти Ховос туманидаги «Пахтакор» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-34 автомобиль йўлида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди.
Маълум қилинишича, SHACMAN русумли юк машинаси ҳайдовчиси йўлнинг иккинчи бўлагидан ортга қайрилаётганда биринчи бўлакда ҳаракатланаётган «Каптива»ни ўтказиб юбормасдан бурилган. Оқибатда икки транспорт воситаси тўқнашган.
Тўқнашувдан сўнг «Каптива» ёниб кетган. Авария оқибатида енгил машинада бўлган ҳайдовчи ва икки йўловчи — жами 3 киши воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
