ССВ: Туркиянинг етакчи компаниялари билан тиббий ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди

ССВ: Туркиянинг етакчи компаниялари билан тиббий ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди

Куни кеча Ўзбекистон Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ф.Ташпулатов бошчилигидаги делегация Туркия Республикасида бўлди. Хўш, ушбу сафардан кўзланган мақсад нима эди?

 

– Маълумки, Туркия дунёда тиббиёти ривожланган етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Айниқса, тиббий таълим, юқори технологик операциялар, шошилинч тиббий ёрдам ва фармацевтика каби йўналишларда қардош юрт вакиллари катта натижаларни қўлга киритган.

 

– Сафар давомида делегация аъзолари ана шу ютуқлар билан яқиндан танишиш асносида Туркиянинг етакчи компания ва ташкилот раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

 

– Мулоқотларда юртимизда янги тиббиёт муассасаларини барпо этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тез тиббий ёрдам ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича инвестиция, давлат-хусусий шериклик ва грант лойиҳалари юзасидан музокаралар олиб борди.

 

– Хусусан, Туркиянинг “Ronesans International” компанияси раҳбарияти билан ўтган учрашувда Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида кўп тармоқли замонавий клиника барпо этиш лойиҳасининг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ва амалга оширилиши зарур бўлган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

 

– “Ronesans International” ва “Sojitz” компаниялари масъуллари билан бўлган мулоқот якунида эса Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида 800 ўринли кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этишга келишиб олинди.

 

– Шунингдек, делегация аъзолари фармацевтика маҳсулотларини сақлаш, уларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси билан шуғулланувчи “Sancak Ecza Deposu” корхонасининг Анқара шаҳридаги филиали фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

 

– “Oncosem Onkolojik Sistemler Sanayi ve Ticaret” компанияси билан эса Самарқанд ва Бухоро вилоятларида давлат-хусусий шериклик асосида онкологик ва гемодиализ хизматларини кўрсатиш, даволаш-соғломлаштириш марказлари учун намуна бўладиган тиббиёт марказини ташкил этиш бўйича қиймати 30 млн АҚШ долларига тенг бўлган муҳим келишув имзоланди.

 

– Туркиянинг TIKA ташкилоти раҳбарияти билан ташкил этилган учрашувда ушбу агентлик томонидан юртимиз тез тиббий ёрдам хизмати учун 100 дона замонавий автомашиналарни харид қилиш бўйича 6 млн АҚШ доллари миқдорида грант ажратиш режалаштирилди.

 

– Яна бир муҳим келишув “Tek Grup” компанияси билан имзоланди. Ташкилот вакиллари билан бўлган учрашувда дастлаб 5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали Ўзбекистонда дори воситаларини маҳаллий заводларда In Bulk асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олинди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

Дўстларингизга ҳам юборинг: