Селена Гомес миллиардерга айланди
Селена Гомес расман миллиардерга айланди, деб хабар бермоқда Bloomberg. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, унинг бойлиги 1,3 миллиард долларга етган, Даромадининг катта қисми беш йил олдин ишга туширилган Rare Beauty косметика компаниясига тўғри келади.
Bloomberg Гомеснинг бошқа даромад манбаларини ҳам инобатга олди, жумладан мусиқий альбомлар сотувидан тушган маблағлар, кўчмас мулки, стриминг хизматлари билан тузилган шартномалардан олинган даромадлар, брендлар билан ҳамкорлик битимлари, концертлари ва актрисалигидан олган гонорарлари. Қўшиқчи, шунингдек, руҳий муаммоларга дуч келган инсонларни қўллаб-қувватлаш ва руҳий саломатлик соҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланувчи Wоndermind стартапининг ҳам асосчисидир.
Селена Гомес ўз фаолиятини 10 ёшида “Барни ва дўстлари” кўрсатувида бошлаган ва Disney Channel’нинг “Вейверли Плейс сеҳргарлари” сериали туфайли машҳур бўлган. Ушбу сериалнинг янги мавсуми октябрь ойининг охирига режалаштирилган бўлиб, унда Гомеснинг ўзи ҳам меҳмон сифатида иштирок этади. Кейинчалик у мусиқа соҳасидаги фаолияти ва тадбиркорлик билан шуғулланган. Гомес гуруҳ таркибида ҳам, якка ижрочи сифатида ҳам бир нечта альбомлар чиқарган.
Яқинда Селена Гомес “Бир бинодаги қотилликлар” (Only Мurders in the Building) сериалининг тўртинчи мавсумида рол ижро этди. Ушбу сериалнинг аллақачон бешинчи мавсуми суратга олинган. Бундан ташқари, у Линда Ронстадт ҳақидаги биографик фильмда ҳам суратга тушади.