Ички ишлар вазирлиги квадроберлар борасида жиддий огоҳлантирди

Ички ишлар вазирлиги квадроберлар борасида жиддий огоҳлантирди

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида ўзини маълум бир ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик субмаданияти намоён бўлмоқда.

Шу каби воқеалар Қозоғистон, Россия ва Украина ёшлари орасида ҳам кузатилган.

Ўзбекистон ИИВ маълумотига кўра, бундай ҳаракатлар Тошкент шаҳрида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, 10 окятбрда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган квадробер учратилгани, 11 октябрда эса яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлид қилиб ҳужум қилган, воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетганлиги хабар берилган.

Мазкур ҳолатлар жамиятда юриш туриш қоидаларига зид бўлиб, бу каби хулқ-атворни мутлақо қабул қилиб бўлмайди.

Экспертлар фикрича, квадроберлик бола ўзига ҳайвонларнинг агрессив ҳаракатларини қабул қилишига, ўзини ва атрофдагиларни жароҳатлашига, боланинг ҳали тўла шаклланмаган психикасига зарар етишига ҳамда унинг жамиятдан ажратилиб қолишига олиб келиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига биноан, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Шунингдек, «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси боланинг ўқиши, тарбияланиши, жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланиши учун масъулдир. Шунингдек, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси ўз болаларини инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, маънавий, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаши шарт.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага тортишга сабаб бўлади.

Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги ҳурматли ота-оналаримизни ўз фарзандларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш бўйича ўзларининг маънавий бурчлари ва қонуний мажбуриятларини бажаришга чақирган.

Бундан ташқари, квадроберлик боланинг руҳий ва эмоционал соғлиғига қандай таъсир этганлигини аниқлаш мақсадида зарур ҳолларда болаларни махсус психологик кўрикдан (конфиденциал тарзда, болани яккалаш ва дискриминация қилинишига йўл қўймайдиган дўстона усуллар орқали) ўтказиш ҳам талаб этилиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: