Ўзбекистон рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисидаги шартномага қўшилди

Ўзбекистон рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисидаги шартномага қўшилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни “Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади.

 

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳомийлигидаги ушбу ташкилотни тузиш таклифи 2022 йил октябрь ойида Остонада ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмард Тўқаев томонидан билдирилганди.

 

Таклифга асосан 2023 йил 13 октябрь куни Бишкекда ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида ташкилотни тузиш ҳақидаги шартнома имзоланган.

 

Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари қаторига рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, «Рус тили ва адабиёти» ҳамда «Рус тили чет тили сифатида» йўналишлари бўйича педагог ва илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш, шунингдек, ушбу соҳадаги мутахассислар захирасини шакллантириш киради.

 

Бундан ташқари, ташкилот давлатлараро мулоқот тили сифатида рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш масалаларида МДҲ мамлакатларининг ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлаш билан шуғулланади. У ўз фаолиятида дўстлик, яхши қўшничилик, миллатлараро тотувлик, ишонч ва ўзаро тушуниш тамойилларига асосланади.

 

Шартнома октябрь ойида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган ва Ўзбекистон Сенати томонидан маъқулланган.

 

Шу кунга қадар шартномани Россия, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон ратификация қилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: