Украина Қуролли кучлари Россиянинг «Константин Олшанский» десант кемасига зарба берди
Украина Қуролли кучлари Россиянинг «Константин Олшанский» десант кемасига «Нептун» ракетаси билан зарба берди — Украина ҳарбий-денгиз кучлари вакили Дмитрий Плетенчук.
2014 йилда Қримнинг аннекция қилиниши вақтида Украинага тегишли ушбу кема (украинча номи «Костянтин Ольшанський») Россия томонидан эгаллаб олинган. Кема бухтада узоқ вақт давомида фойдаланилмасдан турган ва кейинроқ демонтаж қилинган эди. 2023 йилда Россия ҳарбий-денгиз кучлари Украина ҳужумлари натижасида йирик десант кемаларидан айрила бошлагач, «Константин Олшанский»ни қайта тиклаган.
Украина ҳарбий-денгиз кучлари, шунингдек, Қримда Россиянинг «Иван Хурс» кемасига ҳужум қилингани ҳақида ҳам эълон қилди.
Плетенчукнинг сўзларига кўра, зарба натижасида «Иван Хурс» кемасининг ҳужум қисмидаги муҳим ускуналарига зарар етказилган.