Кашмирда исломий китоблар мусодара қилинмоқда – дин эркинлиги таҳдид остида

Кашмирда исломий китоблар мусодара қилинмоқда – дин эркинлиги таҳдид остида

Ҳиндистон куч ишлатар тузилмалари Кашмирда кенг кўламли тинтувлар ўтказиб, исломий адабиёт, жумладан, Қуръон ва ҳадис тўпламларини мусодара қилмоқда. Бу ҳаракат маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлиб, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Ҳиндистон ҳукумати бу чораларни экстремизмга қарши кураш деб баҳоласа-да, Amnesty International ва Human Rights Watch каби ташкилотлар буни мусулмон аҳолининг дин эркинлигини чеклаш сифатида баҳоламоқда.

Маҳаллий аҳоли бу ҳаракатларни Кашмирнинг диний ва маданий ўзлигини йўқ қилиш, мусулмонларнинг ҳаёти устидан кучли назорат ўрнатиш ва уларни ўз динидан узоқлаштиришга қаратилган деб ҳисобламоқда.

Улар Ҳиндистон ҳукумати қабул қилаётган чоралар – мусулмонларга босим ўтказиш, диний маросимларни чеклаш ва уламоларни ҳибсга олиш – бу мақсадга йўналтирилганини таъкидлашмоқда.

Охирги йилларда Ҳиндистон Кашмирда мусулмонларга нисбатан тазйиқни кучайтирди. 2019 йилда 370-модда бекор қилиниб, Кашмирнинг автономияси тугатилгандан сўнг, зўравонлик, цензура ва босим янада кучайди. Диний китобларни мусодара қилиш эса шу сиёсатнинг янги босқичи сифатида баҳоланмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: