Электрон рецепт чеклов эмас, саломатлигингиз полиси!
Кўпчилик электрон рецептни дори олишдаги тўсиқ сифатида қабул қилмоқда. Аслида эса, рецепт — бу беморни ҳимоя қилишнинг энг муҳим воситасидир.
Сизни қандай ҳимоялайди?
Нотўғри дозадан: юқори дозали ёки узоқ даволашга мўлжалланган дорилар фақатгина шифокор назорати остида бўлиши керак. Бу сизнинг асоратлардан ҳимоянгиздир.
Ортиқча доридан (полипрагмазия): электрон тизим шифокорга бир вақтнинг ўзида кераксиз кўп дори ёзиш имкониятини камайтиради. Ортиқча дори – бу даволаш эмас, кўпинча зарардир.
Глобал хавфдан: назоратсиз антибиотиклар соғлиқ учун энг катта хавф — чидамли бактериялар сонини оширади. Электрон рецепт тизими айнан шу хавфларни камайтиришга қаратилган.
Тизим ҳозирда пилот тарзда синовдан ўтказилмоқда. Масъулиятли ёндашув сифатида, бу синов даврида кузатилаётган техник ва ташкилий қийинчиликлар айнан шу камчиликларни тўлиқ аниқлаб, бартараф этиш учун хизмат қилади. Бу, келгусида бутун мамлакат бўйлаб тизимни хатарсиз жорий қилишнинг ягона йўлидир.
Электрон рецептлар тизимининг жорий этилиши – бу Ўзбекистон тиббиётининг замонавий, хавфсиз ва халқаро стандартларга асосланган янги даврга қадам қўйганининг яққол исботидир.
