Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтади
Тожикистоннинг “Ховар” ахборот агентлиги “Тожикфильм” давлат муассасасига таяниб хабар қилишича, жорий йилнинг 15-20 апрель кунлари Душанбе шаҳрида Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтади.
Хабарда айтилишича, бугун Ўзбекистон делегацияси ушбу маданий тадбирни ўтказиш учун Тожикистонга келган. Душанбе халқаро аэропортида меҳмонларни масъул шахслар кутиб олди.
Пойтахт кинотеатрларида, шунингдек, Ҳисор, Вахдат, Варзоб шаҳарларидаги маданият саройларида “Абдулло Орипов”, “Судя”, “Ўзгариш”, “Жудо бўлсин!” номли ўзбек бадиий фильмлари томошабинларга намойиш этилади.
Дастурга кўра, эртага Тоҳир Собиров номидаги кинотеатрда Ўзбекистон кино кунлари муносабати билан ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.