Эртага об-ҳаво қандай бўлади?
Дам олиш кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиши кутилмоқда.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, яқин дам олиш кунлари республика ҳудудига Туркманистондан бироз нам ва нисбатан илиқ ҳаво массалари кириб келиши кучаяди.
Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.
Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳарорат фони кўтарилади, тунги совуқлар чекинади. 1 февралга келиб ҳарорат кечаси +1…+6 даража атрофида бўлади, кундузи +10…+15 даражагача кўтарилади.
30 январь куни республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи эълон қилинди.
Тошкентда шанба ва якшанба кунлари бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади.
Ҳаво ҳарорати 31 январда кечаси -1…+1, кундузи +8…+10, 1 февралда кечаси +3…+5, кундузи +12…+14 даража бўлади.
