ФАРҒОНАДА НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ИНСПЕКТОР 15 ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ
Мамлакатимиз судлари томонидан 2025 йилда 422 нафар шахс оқлангани судьялар мустақил қарор қабул қилаётганидан далолатдир. Ўтган йили оқланган шахслар орасида Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” божхона пости инспектори вазифасида ишлаган Алишер Абдуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам бор. Гап шундаки, А. Абдуллаев 2008 йил 18 декабрдан 2010 йил июль ойига қадар ушбу лавозимда фаолият юритган.
Аммо шундан сўнг А. Абдуллаевнинг бошига жиддий ташвиш тушади.
Яъни инспектор пора олиш жинояти бўйича эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Аниқланишича, А. Абдуллаев божхона постидаги ҳамкасблари билан бирга 2009 йил апрель ойидан 2010 йилнинг январь ойига қадар “Форд” ва “Мерседес” русумли автомашиналарда картошка ҳамда олма маҳсулотларини Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний равишда, божхона назоратидан ўтказмасдан, ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб кириш эвазига пост ҳудудида хизмат олиб борувчи Фарғона тумани ДСЭНМ врачи ёрдамчилари М. Темиров ва Т. Турдиматов орқали К. Ҳабиловдан ҳар гал 10 000 сўмдан, жами 720 000 сўм, А. Турдалиевдан эса, 200 000 сўмни пора тариқасида олганликда айбланган.
Шунингдек, А. Абдуллаевга Ш. Султоновдан “Зил” русумли автомашинада мева маҳсулотларини Ўзбекистондан Қирғизистонга божхона назоратидан ўтказмасдан, ҳеч қандай тўсқинликсиз олиб чиқиб кетиш эвазига М. Темиров ва Т. Турдиматов орқали 160 000 сўм, 2010 йил февраль-апрель ойларида Х. Содиқовдан “Форд” автомашинасида Қирғизистондан Ўзбекистонга картошка ва олма, Ўзбекистондан Қирғизистонга эса, сабзи маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб ўтиш учун ҳар сафар 5 000 сўмдан, жами 120 000 сўмни пора тариқасида олганлик айблови ҳам эълон қилинган.
Оқибатда А. Абдуллаев жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2010 йил 5 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилган. У ушбу кодекснинг 45 ва 57-моддалари тартибида 3 йил муддатга божхона органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилган.
Айтиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Алишер Абдуллаевга ҳам умид бағишлади. Шу боис у Фарғона вилояти судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни тақдим этди.
Чиндан ҳам, кассация инстанцияси судида собиқ инспекторнинг айбсизлиги ўз исботини топди.
— Тергов давомида тазйиқ ва қийноқлар туфайли менга қўйилган айбловларни бўйнимга олишга мажбур бўлганман. Бироқ ҳеч кимдан пора олмаганман, — дея кўрсатма берди А. Абдуллаев кассация инстанцияси судида.
А. Абдуллаевнинг фикрларини гувоҳлар А. Турдалиев, М. Темиров, Т. Турдиматов, Ш. Султонов ва Х. Содиқовнинг кўрсатмалари ҳам тасдиқлади.
Маълум бўлишича, А. Абдуллаев “Фарғона” божхона постида 2009 йил 1 июндан бошлаб хизмат қилган. Яъни 2009 йил апрель-май ойларида у ушбу постда ишламаган. Бу ҳолат ҳам айбловнинг ноқонуний эканлигини кўрсатади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”, дея қайд этилган.
Ана шу ва бошқа ҳуқуқий асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2010 йил 5 ноябрдаги ҳукмини бекор қилиб, Алишер Абдуллаевни айбсиз деб топди ва оқлади.
Суд ҳукмида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, А. Абдуллаев сингари муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланиши давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарасидир.
Пировардида “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили ҳаётда ўз ифодасини топиб, ҳамюртларимизнинг одил судловга бўлган ишончи ортиб бормоқда.
Феруза СИДДИҚОВА,
Фарғона вилояти
судининг судьяси
