Маҳрга мошина сўраган келин сабаб тўй тўхтади. Куёв никоҳни тарк этди (Видеофакт)
Screenshot
Ижтимоий тармоқларда никоҳ маросими акс этган видеолавҳа кенг тарқалди. Унда куёв маросимни тўхтатиб, хонани тарк этгани тасвирланган. Бунга келиннинг маҳр сифатида автомобиль талаб қилгани сабаб бўлган.
Эълон қилинган видеода имом келин-куёвга маҳрнинг моҳияти ва унинг энг кам миқдори ҳақида тушунтириш бераётгани акс этган. Имомнинг таъкидлашича, шариатга кўра маҳрнинг минимал миқдори 4,25 грамм тиллани ташкил этади, бу эса тахминан 150 минг тангега тенгдир.
Шу пайтда келин ўз талабини баён қилади:
«Менга маҳр сифатида Changan автомобили керак», — дейди у.
Бу сўзларни эшитган куёв ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетади. Унинг мазкур хатти-ҳаракати нафақат келинни, балки барча иштирокчиларни ҳайратга солган.
Ушбу ҳолат тармоқ фойдаланувчилари ўртасида қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Баъзилар келиннинг талабини «ҳаддан ташқари юқори» деб ҳисоблаб, уни танқид қилган бўлса, бошқалар куёвнинг ҳаракатини «масъулиятдан қочиш ва эркак кишига хос бўлмаган хулқ-атвор» сифатида баҳоладилар.
