Энди бир камимиз сунъий тўй қолганди! Мана бошлаб беришибди! Интернетда шов-шув: Зендая ва Том Ҳолланднинг сунъий тўй суратлари тарқалди

Энди бир камимиз сунъий тўй қолганди! Мана бошлаб беришибди! Интернетда шов-шув: Зендая ва Том Ҳолланднинг сунъий тўй суратлари тарқалди

Ижтимоий тармоқларда Голливуднинг энг машҳур жуфтликларидан бири — Зендая ва Том Ҳолланднинг тўй маросимидан олинган “суратлар” тарқалди. Испаниялик блогер Хуан Регайр Родригес томонидан сунъий интеллект ёрдамида ясалган сохта тасвирлар қисқа фурсатда миллионлаб фойдаланувчилар эътиборини тортди.

Блогер Родригес (Instagramда @heroemaniaco тахаллуси билан танилган) ўз саҳифасида нейротармоқлар ёрдамида генерация қилинган бир қатор суратларни эълон қилди. Ушбу тасвирларда Зендая нафис тўй либосида, Том Ҳолланд эса капалак-галстукли классик костюмда, оппоқ гуллар билан безатилган сўлим гўшада акс этган.

Мазкур пост атиги олти кун ичида 11 миллиондан ортиқ лайк ва 16 мингдан зиёд изоҳ тўплашга улгурди. Блогер бу суратлар сунъий интеллект маҳсули эканини очиқчасига ёзган бўлса-да, кўплаб фойдаланувчилар уларни ҳақиқий деб ўйлашди ва кадрларни оммавий равишда улаша бошлашди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда тўй мавзусига оид бошқа сунъий интеллект суратлари ҳам пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Том Ҳолланд ва Зендая яширинча турмуш қургани ҳақидаги хабарлар жорий йилнинг 2 март куни тарқалган эди. АҚШ киноактёрлар гилдияси (SAG Awards) мукофотининг қизил йўлагида актрисанинг стилисти Ло Роуч журналистларга баёнот берди ва “тўй аллақачон бўлиб ўтгани, қолганлар уни ўтказиб юборган”ини айтган эди.

Том Ҳолланд ва Зендая илк бор 2016 йилда “Ўргимчак одам: Уйга қайтиш” фильми суратга олиш жараёнларида танишишган эди. Унда Ҳолланд Питер Паркер, Зендая эса Мери Жей образини гавдалантирган. Жуфтлик муносабатларини фақатгина 2021 йилга келиб очиқчасига тасдиқлаган эди.

Уларнинг унаштирилгани ҳақидаги миш-мишлар эса Зендая “Олтин глобус — 2025” мукофотини топшириш маросимида чап қўлининг номсиз бармоғига йирик бриллиант узук тақиб чиққанидан сўнг кўпайди. Кўп ўтмай, Том ушбу хабарларни тасдиқлади: интервьюларидан бирида у Зендаяни шунчаки “ҳамкасбингиз” деб атаган мухбирнинг сўзини тўхтатиб, “бўлажак рафиқам” дея уни тузатган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: