Ҳувайдо Жумаева: “У мени севиб қолиб қолган! Юргизгани қўймасди!.. Эрталаб уйғонсам, телефонимга мингта СМС келган бўларди!..”
Актриса Ҳувайдо Жумаева “Ўзимизнинг гап” кўрсатувига берган интервьюсида турмуш ўртоғи билан танишуви, марҳум қизиқчи Обид Асомов билан боғлиқ шов-шувли хабарлар ҳамда нега сўнгги вақтларда кўпроқ вайнларда кўриниш бераётгани ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, у ўз ҳаётидаги энг катта армонларидан бири — эришган ютуқларини ота-онаси кўрмаганини ҳам айтиб ўтди.

Актрисанинг таъкидлашича, у олий таълимни тугатиб, ижодий фаолиятини бошлаганидан кейин турмуш қурган. Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи уни яхши кўриб уйланган. Ўша пайтларда актёрлар жамоаси билан гастрол сафарларига тез-тез чиқиб туришарди. Самарқанд, Қашқадарё ва Бухорога автобусда бориб концертлар қўйишарди. Шу вақтларда ҳозирги турмуш ўртоғи уни кўриб қолган.

Бир куни устози Обид Асомов кечки пайт реклама суратга олиш ишлари борлигини айтиб, съёмкага олиб кетишини билдирган. Суратга олиш ишлари кечаси соат ўн бирларда бошланиши режалаштирилган эди. Бу ҳолат актрисанинг бўлажак турмуш ўртоғига ёқмаган. У кечаси актёрлар билан кетишини тушунмаган, актриса эса машҳур инсонларда бўш вақт кам бўлишини тушунтиришга ҳаракат қилган.
Кейинчалик Ҳувайдо Жумаева Обид Асомовнинг концертларида котиба сифатида ҳам иштирок этганини айтди. Унинг фикрича, машҳур санъаткор билан бир саҳнада ишлаш ва катта устозлар даврасида бўлиш ҳар бир ёш ижодкор учун катта бахт ҳисобланади.
Бироқ ўша пайтларда матбуотда кутилмаган хабар ҳам тарқалган. Газеталардан бири “Обид Асомов уйланди” деган сарлавҳа билан чиқиб, муқовага актриса ва устозининг суратини жойлаштирган. Бу ҳолат актриса учун анча ноқулай вазиятни келтириб чиқарган. Чунки ўша вақтда у ҳали турмушга чиқмаган ва совчилар келаётган давр эди.
Актриса аввал Миллий театрда, кейинчалик Сатира театрида ишлаганини ҳам эслаб ўтди. Бироқ оналик таътилидан кейин театрга қайтиб ишлашга ҳозирча вақт тополмаётганини айтди. Унинг фикрича, ҳар бир санъаткор театр ёки кино орқали тарихда қолишни истайди. Аммо баъзан ҳаёт инсонни бошқа йўлга бошлайди.
Ҳозирги кунда у кўпроқ вайнлар орқали томошабинлар эътиборини қозонаётганини таъкидлади. Актриса бу каби видеолар фақат тирикчилик учун тайёрланмаслигини айтди. Унинг фикрича, вайн ҳам муайян меҳнат ва актёрлик маҳоратини талаб қилади. Агар ролга кириб ижро этилмаса, бундай видеолар ҳам томошабинни жалб қила олмайди.
Интервью давомида актриса ота-онаси ҳақида ҳам тўлқинланиб гапирди. Унинг айтишича, онаси тирик пайтда уларнинг ўз уйи бўлмаган. Онасига операция қилишни таклиф қилганида ҳам у аввал уй олишни маслаҳат берган. Кейинчалик актриса уйли бўлган, аммо бу вақтга келиб онаси ҳаётдан кўз юмган эди.
Актриса автомобиль сотиб олганидан кейин опалари билан ота-онасининг қабрини зиёрат қилиш учун борган. Бироқ у айрим сабабларга кўра қабристон ичига кирмаган ва четроқда ўтириб, хаёлан ота-онаси билан суҳбатлашган. Шу пайтда уларни машинага ўтқазиб сайр қилдиришни орзу қилганини айтди.
Ҳувайдо Жумаева бу хотираларни эслар экан, отаси уни “Шерматим” деб эркалатиб чақирганини ҳам ёдга олди. Унинг айтишича, баъзан шундай хотиралар инсон қалбида чуқур из қолдиради.
