“Ҳар нарсанинг ўз баланси бор” — Мўмин Иброҳимов солиқ ва реклама ҳақида
Мўмин Иброҳимов блогерлар даромади устидан солиқ назорати кучайтирилишига муносабат билдирди. Унинг айтишича, солиқ тўлаш ҳар бир инсоннинг масъулияти ҳисобланади ва жамоаси бу масалага анчадан буён жиддий ёндашиб келмоқда.

Инстаблогер “Дарё”га берган интервьюсида солиқ ошиши Instagram’даги реклама нархларига ҳам таъсир қилишини таъкидлади.
“Албатта, солиқ ошса, реклама нархи ҳам кўтарилади. Чунки ҳар бир ишнинг ўз ҳисоб-китоби ва харажати бор”, — дейди у.
Маълумотларга кўра, Мўмин Иброҳимов’нинг Instagram саҳифасида битта видеореклама жойлаш нархи 6500 доллар, яъни тахминан 77 миллион сўмни ташкил қилади. Бироқ блогер бу маблағнинг барчаси соф даромад эмаслигини, реклама тайёрлаш жараёнида 2000–2500 доллар атрофида харажат бўлишини айтди.
Шунингдек, у блогерлар фаолияти устидан назорат кучайтирилиши сифатли ижодкорларга салбий таъсир қилмаслигини билдирди. Айтишича, жамоаси тажриба асосида томошабинга ёқмайдиган ёки баҳсли мавзуларни аввалдан чеклаб келади.
“Момин live” жамоаси асосан қимор, ичкилик ва беҳаёликка оид мавзулардан узоқ туришга ҳаракат қилишини ҳам қўшимча қилди.
