ТДИУда “Карьера ҳафталиги”: Талабалар бандлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам
Бугунги кунда ёш авлод вакилларининг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун муносиб шароитлар яратиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, олий таълим муассасалари талабалари ва битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорида муносиб иш ўринлари билан таъминлаш орқали муваффақиятли келажак пойдеворини қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда ташкил этилаётган йирик лойиҳалар ва амалий тадбирлар ҳам фикримизнинг яққол исботидир.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ана шундай муҳим ва кенг кўламли тадбирлардан бири ўтказилди. Олийгоҳда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда талабаларни меҳнат бозорининг замонавий талаблари билан яқиндан таништиришга қаратилган “Карьера ҳафталиги” ўтказилди.
Жорий йилнинг 14 майидан 21 майига қадар ўтказилган ушбу ҳафталикнинг очилиш маросими доирасида йирик “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу ярмарка талаба ва иш берувчи ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот кўпригига айланди. Мамлакатимизнинг энг етакчи соҳа корхона-ташкилотлари, нуфузли тижорат банклари, суғурта компаниялари, солиқ ва бухгалтерлик ташкилотлари ўзларининг бўш иш ўринлари ва вакансиялари билан иштирок этди. Талабалар ҳали диплом олмасидан туриб, ўзлари орзу қилган компания раҳбарлари ва HR мутахассислари билан суҳбатлашиш, келажакдаги иш жойларини танлаш имкониятига эга бўлдилар.
Замонавий мутахассис фақат назарий билим билан узоққа бора олмайди. Бугунги меҳнат бозори мослашувчанлик, рақамли технологияларни мукаммал билиш ва шахсий кўникмаларни талаб қилмоқда. ТДИУдаги ҳафталик дастури айнан шу мақсадларга хизмат қилувчи тренингларга бой бўлди.
Бир ҳафта давомида ҳар бир факультетдан битирувчиларнинг тадбиркорлик лойиҳалари намойиш этилди. Энг аҳамиятлиси, HR экспертлари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари иштирокида osonish.uz ва career.edu.uz платформаларидан фойдаланиш бўйича махсус тренинглар ўтказилди. Шунингдек, фрилансерлик фаолияти, замонавий меҳнат бозоридаги янги тенденциялар бўйича семинарлар ва воркшоплар ташкил этилди.
Йирик иш берувчилар иштирокида мутахассислик бўйича ишга жойлаштириш танловлари ўтказилгани эса иқтидорли ёшларни саралаб олишда муҳим омил бўлди. Бундан ташқари, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Келажакка қадам” дастури доирасида имтиёзли кредит олган битирувчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Университетда таълим сифатини бевосита амалиёт билан боғлаш мақсадида илгари сурилган “5+1” формати ва иш берувчилар базасида ташкил этилган 35 та кафедра филиали бугун ўз мевасини бермоқда. Бу тизим талабаларга назарияни ўрганиш билан бир вақтда, корхоналарда амалий кўникмаларни шакллантириш имконини беради. Мана шундай тизимли ёндашув натижасида 2024/2025-ўқув йилида ТДИУ битирувчиларининг қарийб 94 фоизининг бандлиги таъминланди. Бу олий таълим тизими учун жуда юқори кўрсаткичдир.
Бугунги кунда олийгоҳ 115 та йирик иш берувчи ташкилот ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан доимий ҳамкорлик шартномаларига эга. Талабалар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар тасодифий эмас, балки тизимли ва изчил йўлга қўйилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, университетда талабаларни ишга тайёрлаш улар ўқишни тугатаётган пайтда эмас, балки 2-курсдан бошланади. Иш берувчиларни жалб қилган ҳолда “селекция” ишлари олиб борилади. Ҳар бир битирувчи билан индивидуал ишлаш тизими яратилган бўлиб, ҳар бир талабага иш ўрнига эга бўлиши учун масъул педагог-ходим бириктирилган. Бу эса ёшларнинг ўқишни тамомлаб, “кўчада қолиб кетмаслиги”нинг мустаҳкам кафолатидир.
Бугунги кунда ТДИУда 50 мингга яқин талабага 2 500 нафардан зиёд юқори малакали профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда. Университетнинг 7 та таълим йўналиши ACBSP ва НААР каби нуфузли халқаро аккредитация ташкилотларидан ўтган бўлса, “Бухгалтерия ҳисоби” дастури дунёга машҳур халқаро ACCA ташкилоти томонидан тан олинган.
Олийгоҳ қошида фаолият юритаётган “Экспериментал иқтисодиёт” лабораторияси, “Digital Finance” инкубация маркази ҳамда “Яшил иқтисодиёт” марказлари талабаларга нафақат назарий билим беради, балки уларни реал рақамли ва замонавий муҳитда касбий кўникмаларни шакллантиришига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилаётган “Карьера ҳафталиги” шунчаки тадбирлар тизими эмас, балки ёшларнинг эртанги кунига, уларнинг келажакдаги муваффақиятли касбий фаолиятига қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Зеро, давлат сиёсати даражасига кўтарилган талабалар бандлиги масаласи бугун ўз мевасини бермоқда ва бу ёшлар яқин келажакда Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг чинакам локомотивларига айланиши шубҳасиз.

Обид Мейлиев
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори
