Туркия MICE туризмида жаҳоннинг етакчи марказларидан бирига айланди

Туркия MICE туризмида жаҳоннинг етакчи марказларидан бирига айланди

Сўнгги йилларда Туркия халқаро конференциялар, форумлар, саммитлар ва кўргазмаларга мезбонлик қилувчи дунёнинг энг нуфузли MICE йўналишларидан бирига айланди. Замонавий инфратузилма, қулай транспорт имкониятлари, юқори савиядаги меҳмондўстлик хизматлари ва бой сайёҳлик ресурслари мамлакатнинг бу борадаги жозибасини янада оширмоқда.

2025 йилда Туркияда ўтказилган Европа Кенгашининг Маданий йўналишлар бўйича 14-йиллик маслаҳат форуми, ПАТА йиллик саммити ва Trip.com Глобал саммити каби йирик анжуманлар мамлакатнинг MICE туризмидаги салоҳиятини яна бир бор намоён этди.

Туркия 2026 йилда ҳам ушбу йўналишдаги мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Европа, Осиё ва Яқин Шарқ чорраҳасида жойлашган мамлакат стратегик географик ўрни, замонавий конгресс марказлари, ривожланган авиақатнов тармоғи ва хавфсиз муҳити билан халқаро тадбирлар учун қулай шароит яратади. Хусусан, 7–8 июль кунлари Анқарада бўлиб ўтадиган НАТО саммити ҳамда 9–20 ноябрь кунлари Анталияда ўтказиладиган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича CОП31 конференцияси дунё ҳамжамияти эътиборини яна Туркияга қаратади. Шунингдек, Истанбулда УEФА Европа Лигаси финал учрашуви, футбол, велоспорт, гольф ва елканли спорт бўйича қатор халқаро мусобақаларнинг ўтказилиши мамлакатнинг жаҳон спорт ва тадбирлар харитасидаги ўрнини янада юксалтирмоқда.

Истанбул — халқаро тадбирлар маркази

Асрлар давомида савдо, илм-фан ва маданият маркази сифатида шаклланган Истанбул бугунги кунда дунёнинг етакчи MICE йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Европа ва Осиёни боғлаб турувчи ушбу мегаполис Истанбул ва Сабиҳа Гўкчен аэропорти орқали юзлаб тўғридан-тўғри рейсларга эга бўлиб, халқаро делегациялар учун қулай ва самарали логистика имкониятлари билан ажралиб туради.

Истанбулдаги халқаро анжуманлар ЮНЕСКО рўйхатига киритилган тарихий обидалар, музейлар, замонавий санъат марказлари, Мичелин ресторанлари, жонли тунги ҳаёт ва эксклюзив тадбирлар билан уйғунлашиб, иштирокчиларга унутилмас таассуротлар бахш этади.

ИCCАнинг 2025 йилги маълумотларига кўра, шаҳарда ўтказилган халқаро конгресслар сони 2024 йилга нисбатан 10 фоизга ошган. 2026 йилда Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган иккита йирик тиббиёт конгресси қарийб 13,5 минг нафар иштирокчини жамлаши кутилмоқда.

Анталия — Ўрта Ер денгизи бўйидаги бизнес ва дам олиш маскани

Анталия нафақат Туркиянинг туризм пойтахти, балки MICE йўналишидаги муҳим марказлардан биридир. Турк Ривиерасининг юрагида жойлашган бу шаҳар 300 дан ортиқ беш юлдузли меҳмонхона ва 175 мингдан зиёд конгресс сиғими билан йирик халқаро тадбирларни ўтказиш имкониятига эга.

Анталия замонавий конференция инфратузилмасини Ўрта Ер денгизининг бетакрор табиати билан уйғунлаштиради. Мовий байроқ соҳиллари, гольф майдонлари, СПА марказлари, бой гастрономик анъаналар ҳамда қадимий Ликия, Памфилия ва Писидия ҳудудларига олиб борувчи тарихий йўналишлар шаҳарнинг жозибасини янада оширади.

Туркиянинг бошқа шаҳарлари ҳам халқаро бизнес ва тадбирлар туризми учун кенг имкониятларга эга. Бодрум ҳашаматли саёҳатлар маркази сифатида танилиб, юқори даражадаги курортлар, халқаро гастрономия ва машҳур “мовий саёҳатлар” билан сайёҳларни ўзига жалб этади.

Измир эса Эгей минтақасининг бизнес ва замонавий ҳаёт маркази сифатида ривожланиб, илғор инфратузилма, ЮНЕСКО мероси объектлари ҳамда гастрономияси билан ажралиб туради. Каппадокия эса бетакрор табиий манзаралари, ғор меҳмонхоналари ва ҳаво шарлари билан корпоратив тадбирлар ҳамда махсус учрашувлар учун ноёб ва илҳомлантирувчи муҳит яратади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: