Қашқадарёда $150 миллионлик чиқиндини қайта ишлаш заводи барпо этилмоқда

Қашқадарёда $150 миллионлик чиқиндини қайта ишлаш заводи барпо этилмоқда

Қашқадарё вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан чиқиндиларни қайта ишлаш ва муқобил электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

 

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 14 миллион тоннадан ортиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади. Қашқадарё вилоятида эса бу кўрсаткич 930 минг тоннани ташкил этади.

 

Қарши туманида барпо этилаётган завод лойиҳасининг қиймати 150 миллион доллар бўлиб, уни Хитой компанияси амалга оширмоқда. Корхона 8 гектар майдонни эгаллайди.

 

Лойиҳа доирасида заводда кунига 1 500 тонна, ойига эса 45 минг тонна чиқинди қайта ишланиши режалаштирилган. Корхона ишга тушгач, йилига 240 миллион киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

 

Лойиҳа вакилларининг таъкидлашича, корхонада чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнида атмосферага зарарли газлар чиқишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Заводга экологик таъсирни камайтирувчи замонавий фильтрлар ўрнатилмоқда. Атмосферага чиқарилаётган газлар вилоят Экология бошқармаси томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилади.

 

Ҳозирда завод қурилиши жадал давом этмоқда. Қурилиш ишларига 30 га яқин замонавий техника, 300 дан ортиқ маҳаллий ва хитойлик ишчи ҳамда мутахассислар жалб қилинган.

 

Лойиҳа доирасида маҳаллий кадрларни тайёрлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар 20 нафарга яқин маҳаллий талаба хитойлик мутахассислар иштирокида ўқитилган. Келгуси беш йилда корхона ходимларининг 80–90 фоизини маҳаллий кадрлар ташкил этиши режалаштирилган.

 

Завод учун Хитойдан замонавий технологиялар олиб келинган. Лойиҳа чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш, экологик вазиятни яхшилаш ва электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: