Британияда қамоқхоналардаги жой етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун университет биноларини қамоқхоналарга айлантириш таклиф қилинди
Бу ғояни Британиянинг Prosperity Institute таҳлил маркази илгари сурган. Марказнинг ҳисоботига кўра, сотувга қўйилган айрим университет бинолари ва ҳатто бутун кампусларни сотиб олиб, уларни маҳбуслар сақланадиган муассасаларга мослаштириш мумкин.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, тайёр биноларни қайта жиҳозлаш янги қамоқхоналарни нолдан қуришга қараганда давлат учун анча арзонга тушиши мумкин.
Ҳисоботда, шунингдек, собиқ интернат мактаблар ва тиббиёт ходимларини тайёрлаш марказларидан ҳам қамоқхона сифатида фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилган.
Британияда қамоқхоналардаги жой танқислиги жиддий муаммога айланган. 2024 йилдан бошлаб қамоқхоналардаги ортиқча юкламани камайтириш мақсадида айрим маҳбусларни жазо муддатининг ярмини ўтаганидан кейин озод қилиш имконияти жорий этилган.
Шундан бери ушбу дастур доирасида қарийб 60 минг киши муддатидан олдин озод қилинган.
