Байрам кунлари об-ҳаво қандай бўлади?
20-22 март кунлари республика ҳудудига нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 20-21 март кунлари баъзи жойларда кучли бўлади, айрим жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин.
Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Маркази хабарида айтилишича, ҳаво ҳарорати 20 мартда 15-20 даража илиқ бўлади, 21-22 мартда 10-15 даража илиққача аста-секин пасаяди.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, 20-21 мартда баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда баъзида 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.
Тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради.
Маълумот учун, бугун ва эртага республиканинг кўпчилик вилоятларида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг айрим жойларида кундузи 18 март куни ва Қорақалпоғистон Республикасида баъзи жойларда 19 март куни ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 15-20 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда 22 даража илиққача, жанубда 25-28 даража илиққача бўлади.