Покистонда бомбаларни зарарсизлантириш гуруҳига қилинган ҳужумда 2 нафар аскар ҳалок бўлди
Покистоннинг жануби-ғарбий Балужистон вилоятида 31 март куни бомбаларни зарарсизлантириш бўлимига қилинган ҳужум оқибатида икки нафар аскар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, аскарлар жануби-ғарбий Балужистон вилоятининг қирғоқбўйи Гвадар туманидаги Анқара Каур тўғони ҳудудида тозалаш ишларини олиб бораётган бўлган. Ҳудудда кутилмаганда пайдо бўлган номаълум жангарилар аскарларни ўққа тутган.
Ҳужум оқибатида яна тўрт нафар аскар яралангани хабар қилинган. Яраланганлар вилоят марказидаги касалхонага олиб кетилган.
Бундан бир неча кун олдин Покистон шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятида юз берган теракт оқибатида 5 нафар Хитой фуқароси ва уларни олиб кетаётган покистонлик ҳайдовчи ҳалок бўлган эди. Терактни мамлакат ғарбида ўрнашган экстремист гуруҳлар амалга оширгани хабар қилинган эди.
Покистонда сўнгги бир неча йил ичида жангарилар ҳужуми кўпайган. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки уч ойида 245 та турли даражадаги терактлар содир этилган. Уларда 432 киши ҳалок бўлган ва 370 нафар фуқаро жароҳатланган.