Қозоғистоннинг ўнта вилоятида маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Қозоғистоннинг ўнта вилоятида маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев республикадаги сув тошқинлари туфайли юзага келган мураккаб вазият муносабати билан ўз мурожаатида маълум қилди ва бу Қозоғистон раҳбари сайтида эълон қилинган.
«Кўп йиллардан буён кузатилмаган табиий офат юз берди. Эҳтимол, бу сўнгги 80 йил ичида кўлами ва оқибатлари бўйича энг катта офатдир. Сув тошқинлари туфайли мамлакатнинг ўнта вилоятида (Абай, Ақмўла, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Улитау вилоятлари) маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинди», — деди Тоқаев.
Унга кўра, ҳукумат сув тошқини оқибатларини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди, Бош вазир бошчилигида Республика штаб-квартираси тузилди.
– Табиий офатга қарши курашиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг барча имкониятлари, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик қўмитаси кучлари сафарбар этилган. Жабрланган вилоятлар ҳокимликлари кечаю кундуз ишламоқда, бир неча ўн минглаб кўнгиллилар уларга жойларда катта ёрдам кўрсатмоқда. Вазият қийин, аммо умидсизликка тушишнинг ҳожати йўқ, биз бу вазиятни тўғирлаймиз. Асосийси, инсонлар қурбон бўлишининг олдини олиш, — деди давлат раҳбари.
Тоқаев барча жабрланганларга моддий ва бошқа зарур ёрдам кўрсатилишини, барча моддий йўқотишлар қопланишини таъкидлади.