Домлани Аллоҳ Ўз раҳматига олсин!..

Домлани Аллоҳ Ўз раҳматига олсин!..

Аллоҳ таоло Баҳодир қори акани Ўзининг кенг-бепоён раҳматига олсин, ҳаётлик чоғида амалга оширган солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин.
Дин ғамидаги, қалби ҳассос, тақводор, мутавозе ва хулқи гўзал инсон эдилар. Гарчи Қуръони каримни ҳифз қилишга ёшлари йигирмадан ўтиб киришган бўлсалар-да, Аллоҳ берган туғма иқтидорлари шу қадар кучли эдики, бир йил ичида ўттиз пора Қуръонни мустаҳкам ёд олган эдилар.
Бунга сабаб эса, оғир ва қўрқинчли дард туфайли уйларига банди бўлиб қолганлари эди. Ўшанда у киши саратон хасталигига дучор бўлган ва шифокорлар бир йил умрингиз қолган, дегандилар. Шунда бу киши ўзига-ўзи:
“Агар шундай бўлса, Раббим ҳузурига Унинг каломини ёдлаб бораман”, – дея аҳд қилган ва роппа-роса бир йилда қори бўлган эдилар.
Бу орада эса, мўъжиза содир бўлди. Бир йилда ўлиб қолмади у киши. Аксинча, Қуръони каримни қалбига жо қилиб борар экан, аҳволи ҳам яхшиланиб борди.
Кейин, онкология марказларига бориб қайта текширувдан ўтишса, хасталик чекиниб, саратон йўқ бўлиб кетган эди. Шундан сўнг турли масжидларда хатми Қуръонларга ўтиб, маросимларда таъсирли ваъзлар қилиб, кўпчиликнинг қалбидан жой олди. Кейинчалик, бу кишининг бошига ҳам синовлар келди. Қамалиб чиқдилар, фаолияти чекланди. Ҳалол ризқ талабида шундай қорийи қурро бўлган инсон дўконларга мол (егулик маҳсулотлари) тарқатиб юриб ҳам тирикчилик қилди. Кейин яна рўшнолик даври келди ва Мунаввар қори жоме масжидига имом ноиби вазифасига тайинландилар. Ва ўзларининг гўзал тиловатлари, ибратли ваъзлари билан яна мусулмонларга хизмат қилишдек шарафли ишга киришдилар.
Бу кишининг ноёб қобилиятларидан бири ҳифзи мустаҳкамлиги эди. Мен ўзим кўп бора бунга гувоҳ бўлганман. Таровеҳларда унча-мунча қори акаларда ҳам баъзан ояти карима келмай қолиши, айрим оятлар якуни (бир-бирига ўхшаш бўлгани учун) чалкаштирилиш ҳолати содир бўлиб туради ва бу ғоят табиий ҳол ҳисобланади.
Аммо, бу инсоннинг ортида таровеҳларни ўқиганда бундай ҳолатларга бир марта ҳам гувоҳ бўлмаганман. Қуръони карим оятлари бу кишининг қалбига бамисоли ўйиб ёзилгандек эди.
Аллоҳ таоло Баҳодир қори акани ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат қилсин.
Яқинларига гўзал сабр, улуғ ажрлар ато этсин.
Устоз Алишер Султонходжаев
Дўстларингизга ҳам юборинг: