Инсультга учраб, барча бойликларини йўқотган актриса

Инсультга учраб, барча бойликларини йўқотган актриса

1992 йилда катта экранларга чиққан ва тез орада машҳур бўлган “Асосий инстинкт” фильми бош қаҳрамони Шерон Стоун инсультни бошидан ўтказганидан кейин барча бойликларини йўқотди. Актрисанинг таъкидлашича, ғаразли ниятда бўлган кимсалар унинг заифлигидан фойдаланган.

2001 йилда Шерон миясига қон қуйилиб, инсультга чалинди. У касалхонада оғир аҳволда тўққиз кун давомида ҳушсиз ётди. Реабилитация ва одатий ҳаёт тарзига қайтиш жуда узоқ — етти йил давом этди. Эндиликда Стоун доимий равишда дорилар қабул қилиб юриши керак. Унда хотира билан боғлиқ муаммолар ҳам кузатилмоқда.

Актриса реабилитацияни ўтказаётган вақтида, маълум бўлишича, умри давомида тўплаган маблағлар — ҳисоб рақамидаги 18 миллион доллар пул ғойиб бўлган:

“Карьерам орқали орттирган 18 миллион долларим бор эди, лекин банкдаги ҳисобимни текширганимда ҳаммаси ғойиб бўлганини билдим. Менинг барча мол-мулким, ҳатто уйимдаги музлаткичим, телефоним — барчаси бошқа одамлар қўлига ўтиб кетганди”, деди Стоун “Hollywood Reporter” нашрига берган интервьюсида.

Шерон Стоун айнан кимлар актрисанинг мулкини ўзлаштиргани ҳақида тўхталиб ўтирмади. Актриса ҳаётда эзгулик борлигига ишонч унга омон қолиш ва тикланишига ёрдам берганини айтди:

“Мен ҳамма нарсани йўқотдим. Пулларимни, карьерамни, асраб олган фарзандим учун васийлик ҳуқуқимни ҳам қўлдан бой бердим. Мен ҳаётимнинг мазмунини ташкил этган нарсаларни йўқотдим. Бой берган нарсаларимнинг аксар қисмини қайтара олмадим, аммо шу онда ҳаётда шунчаки яшаш ҳам етарли эканлигини англамоқдаман”, дейди Стоун.

Дўстларингизга ҳам юборинг: