WhatsApp янги махфийлик функциясини тақдим этди

WhatsApp янги махфийлик функциясини тақдим этди

Янги функция фойдаланувчиларга телефон рақамини яшириш ва ноёб фойдаланувчи номи (username) орқали мулоқот қилиш имконини беради. Бу махфийлик ва шахсий маълумотлар ҳимоясини янада кучайтиради.

WhatsApp мессенжери янги функцияни эълон қилди: энди фойдаланувчилар ўзлари учун ноёб username яратишлари ва мулоқот вақтида телефон рақамларини улашишлари шарт бўлмайди.

Компания маълум қилишича, ушбу янгилик фойдаланувчиларнинг махфийлигини оширишга қаратилган. Энди, масалан, катта гуруҳларга қўшилганда ёки нотаниш инсон билан илк бор боғланилганда телефон рақами автоматик тарзда кўринмайди.

Фойдаланувчи билан боғланиш учун суҳбатдош унинг аниқ username’ини билиши керак бўлади. Умумий қидирув каталоги ёки тавсия тизими мавжуд бўлмайди. Meta компанияси ушбу функция яқин ойлар давомида бутун дунё бўйлаб босқичма-босқич жорий этилишини маълум қилди.

Шунингдек, контент яратувчилар, кичик бизнес вакиллари ва ташкилотлар Facebook ҳамда Instagramдаги фойдаланувчи номларини WhatsAppда ҳам банд қилиб олишлари мумкин бўлади.

Аввалроқ WhatsApp Эрон давлат телевидениеси томонидан Исроил манфаатлари йўлида шахсий маълумотларни йиғишда айбланган эди. Телеканал фуқароларни иловани ўчириб ташлашга чақирган. Бироқ компания бу айбловларни рад этиб, уларни ёлғон деб атаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: