Исроил парламенти тарқатиб юборилди
Исроил парламенти (Кнессет) 17 июл куни эрталаб ўзини тарқатиб юбориш учун овоз берди. Мамлакатда навбатдаги парламент сайловлари шу йилнинг 27 октябр куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Парламентни тарқатиш тўғрисидаги қарор 62 та розилик овози билан қабул қилинди. Қарорни бош вазир Бинямин Нетаняху ҳам қўллаб-қувватлади. Депутатлар тарқалишдан олдин бир қатор баҳсли қонунларни тезкорлик билан қабул қилишга улгурди.
Ҳукмрон коалиция охирги паллада ўзаро келишиб, қуйидаги қонунларни тасдиқлади:
1. Партияларни молиялаштириш. Сайловда қатнашадиган сиёсий партияларга давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ миқдори кўпайтирилди.
2. Бош прокурор ваколатини чеклаш. Янги қонунга кўра, вазирлар бош прокурорнинг қарорларини рад этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қонун 2027 йил январидан кучга киради.
3. ОАВ назорати. Давлатнинг оммавий ахборот воситалари устидан назорати сезиларли даражада кенгайтирилди.
4. Диндорларни армиядан озод қилиш. Ултраортодокс диндор йигитларни ҳарбий хизматга чақиришни вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида қонун қабул қилинди. Бироқ ушбу қонун Олий суд томонидан вақтинча музлатиб қўйилди.
