«Роббим! Кеч келдим, аммо келдим»
Бир дўстим билан суҳбатлашиб кетаётгандик. Масжид яқинига келганда ундан бироз кутиб туришини, мен ибодатимни якунлаб чиқишимни илтимос қилдим.
У ҳазил аралаш:
– Мен ҳам кирсам, Худо кечириб юборармикин? – деди.
– Албатта!
– Кириб Унга нима дейман?
– «Ё Аллоҳим! Кеч келдим, аммо келдим. Мени рад этма!» дейсан, бўлди.
У бироз ўйланиб қолди. Юзидаги табассум дарров аксига ўзгарди.
Индамай ортимдан кирди. Мен уни масжидга кузатдим, ўзим «Таҳоратхона» томон юзландим.
Мен масжиднинг бошқа томонида намозни адо қилдим. Кетар чоғ дўстимнинг олдига бордим. Аммо уни топа олмадим. Ташқарига чиқиб кетгандир дея кўчага чиқдим. Масжид ҳовлисидан уни топа олмадим. Қалбимда бироз шубҳа ортди. Нотўғри гапириб қўйдиммикин? Ёки кетиб қолдимикин, деб рақамига қўнғироқ қилдим. Жавоб йўқ. Бироз хижил бўлиб масжидга кирдим. Масжиднинг бир чеккароғига ўтириб, қилган ишларимни сарҳисоб қилай, қаерда хато қилдим, ранжитдимми йўқми деб ўйлай бошладим. Мендан сал нарироқда кимдир паст овозда йиғларди. Таажжубланиб қарасам, дўстим. Икки қўли билан оғзини маҳкам ёпиб, йиғлаяпти. Танам музлаб кетди. Индамадим. Ортидан жим кузатдим. У нималарнидир пичирлар, «Илтимос, кечир!» дерди. Кўзим ёшланиб уни кузатиб туравердим. Қалбини бўшатмагунича безовта қилмай дедим. Бироздан сўнг у мени пайқади. Масжиддан чиққунча лом-мим демади. Сўнг чуқур нафас олиб:
– «Сен ёмон дўст экансан!» деди.
Ҳайратим янада ортди. Индамай унга қарадим. У:
– «Шунча йил менга намоз ўқишни ўргатмадинг!» деди.
Нафасим бўғзимга тиқилиб қолди…
* * *
«Роббим! Мен ҳам келдим! Кеч келдим, аммо келдим. Илтимос мени ҳам рад этма…»