Президент сирдарёлик боғбонга Tracker автомашинасини совға қилди
Президент Шавкат Мирзиёев Сайхунобод туманидаги Пахтакон маҳалласида яшовчи миришкор боғбон Турсунбой ота Ариповга Tracker автомашинасини совға қилди.
Отахон меҳнат фаолиятини 15 ёшида колхозда сувчиликдан бошлаган. Кейинроқ туманда ташкил этилган бўрдоқичилик чорва фермасида 40 йил меҳнат қилди.
2011 йилда нафақага чиққач, томорқасида узумчилик билан шуғуллана бошлади. Узоқ йиллар узум етиштириб, ток парваришининг ҳадисини олди. Ҳозир узумнинг ризамат, ҳусайни, келин бармоқ, шоҳонаки, кетмон соп каби навларини кўпайтирмоқда. Отахон янги “абатар” навини пайванд қилганини айтди.