Сурияда курд тили тарихда илк бор давлат тили

Сурияда курд тили тарихда илк бор давлат тили

Сурия Президенти Аҳмад ал-Шараъа курд халқининг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашга қаратилган муҳим фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, курдлар Сурия жамиятининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилди ҳамда курд тили мамлакат тарихида биринчи марта давлат тили мақомини олди.

AFP агентлигининг хабар беришича, фармонга асосан курд тили курд аҳолиси салмоқли улушни ташкил этган ҳудудлардаги таълим муассасаларида ўқитилади.

Шунингдек, 1962 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида фуқароликдан маҳрум этилган курдларга ўз фуқаролигини қайта тиклаш имконияти берилди. Бу қарор йиллар давомида ҳал этилмай келган муҳим масалалардан бири эди.

Яна бир янгилик сифатида, 21 март куни нишонланадиган курд халқ байрами — Наврўз расмий давлат байрами сифатида тан олинди.

Президент Аҳмад ал-Шараъа телевидение орқали қилган мурожаатида курд халқини мамлакат келажагини барпо этиш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди.

«Мен курд биродарларимизни ушбу миллатни қуришда фаол иштирок этишга чорлайман», — деди у.

Дўстларингизга ҳам юборинг: