Ғазо бўйича “Тинчлик кенгаши” раҳбарияти таркибига кимлар киради?

Ғазо бўйича “Тинчлик кенгаши” раҳбарияти таркибига кимлар киради?

Оқ уй сайтида эълон қилинган пресс-релизга кўра, Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш жараёнида муҳим рол ўйнаши керак бўлган “Тинчлик кенгаши” тузилмасининг ижрочи кенгаши таркибига АҚШ давлат котиби Марко Рубио, президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф, Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер, Жаҳон банки раҳбари Ажай Банга, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр киради.

“Тинчлик кенгаши” Ғазо сектори бўйича Трампнинг 20 банддан иборат режасини амалга оширишни кафолатлаши керак. Кенгаш стратегик назоратни олиб боради, халқаро ресурсларни сафарбар қилади ва Ғазо сектори “низодан тинчлик ва тараққиётга” ўтаётган даврда ҳисобдорликни таъминлайди. Бу орган раиси сифатида Доналд Трамп кўрсатилган.

Ғазо бўйича олий вакил этиб болгар дипломати Николай Младенов тайинланди. Оқ уйнинг маълум қилишича, унинг вазифаси Фаластин технократ маъмурияти ҳамда “Тинчлик кенгаши” ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашдан иборат бўлади.

Шунингдек, олий вакил офиси ва технократ маъмуриятни қўллаб-қувватлаш учун “Ғазо сектори ижрочи кенгаши” ҳам тузилди. Унга Младенов билан бирга Уиткофф, Кушнер, Блер, Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидан, БААнинг халқаро ҳамкорлик бўйича давлат вазири Рим ал-Ҳошимий ва бошқалар кирди.

“Тинчлик кенгаши” тузилаётгани ҳақида 15 фаластинликдан иборат технократ маъмурият ташкил этилгани эълон қилинганидан кўп ўтмай маълум қилинди. Бу маъмуриятнинг вазифаси Ғазо секторининг кундалик ҳаётини бошқариш бўлиши керак.

14 январ куни президентнинг махсус элчиси Уиткофф Трамп номидан Ғазо сектордаги ўт очишни тўхтатишнинг иккинчи босқичига ўтиш ҳақида маълум қилди. Бу босқич, бошқа нарсалар қаторида, ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Ғазо секторига Фаластин полисиясини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро барқарорлаштириш кучларини жойлаштиришни назарда тутади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: