Ўзбекистон ЖЧ-2026 олдидан Россия билан ўртоқлик учрашуви ўтказишдан бош тортганлиги айтилмоқда
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов РИА Новости билан суҳбатда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати арафасида Россия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштирмаётганини маълум қилди.
Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади. АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган мусобақада Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа Португалия ва Колумбия терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Гуруҳдаги учинчи рақиб эса Янги Каледония, Ямайка ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари ўртасидаги қитъалараро плей-офф ўйинлари натижасига кўра аниқланади.
Маълумот учун, 2026-йилда Халқаро футбол федерацияси (FIFA) тақвимига кўра, терма жамоалар 10 та учрашув ўтказиши мумкин. Март, июнь ва ноябрь ойларида ҳар бирида иккитадан ўйин режалаштирилган. Шунингдек, 21 сентябрдан 6 октябргача бўлган даврда жамоалар тўрт тагача учрашув ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари бир марта ўзаро тўқнаш келган. 2022 йил ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган ўртоқлик учрашуви 0:0 ҳисобида якунланганди.
