ChatGPT 3 йилда миллиардлик марра: Google Maps ва TikTokдан ҳам тезроқ ўсиш

ChatGPT 3 йилда миллиардлик марра: Google Maps ва TikTokдан ҳам тезроқ ўсиш

OpenAI компаниясининг ChatGPT иловаси бутун дунё бўйлаб ойлик фаол фойдаланувчилари сони бўйича 1 миллиардлик маррани забт этди. Сенсор Товер таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, ушбу сервис инсоният тарихидаги энг тез ўсаётган илова сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

ChatGPT ушбу натижага ишга туширилганидан тахминан уч йил ўтиб эришди. Бу кўрсаткич бўйича у Google Maps, TikTok, Instagram ва YouTube каби гигантларнинг ўсиш суръатларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Сунъий интеллект соҳасидаги рақобат кучайиб бораётгани фойдаланувчиларнинг платформаларда ўтказаётган вақтига ҳам таъсир қилмоқда.

Тадқиқотларга кўра, 2026-йилнинг биринчи чорагида Anthropic компаниясининг Claude иловасини ўрнатган америкалик фойдаланувчилар ChatGPT платформасида аввалги саккиз ойлик ўртача кўрсаткичга нисбатан 5 фоизга камроқ вақт сарфлай бошлаган. Ҳозирда Claude иловасининг ойлик фаол фойдаланувчилари сони 56 миллионни ташкил этмоқда.

Шунингдек, сунъий интеллект бозорида йирик молиявий ўзгаришлар кутилмоқда. Anthropic компанияси АҚШда акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш (ИПО) учун махфий тарзда ариза топширди. Reuters агентлиги хабарига кўра, OpenAI ҳам яқин ҳафталар ичида ўз ИПО жараёнини бошлашга тайёргарлик кўрмоқда.

 

Сенсор Товер маълумотларига кўра, Claude иловасининг йиллик ўсиш суръати 640 фоизни ташкил этиб, бу борада ChatGPT (62%) кўрсаткичидан сезиларли даражада ўзиб кетган бўлса-да, умумий фойдаланувчилар сони бўйича OpenAI ҳали ҳам мутлақ етакчиликни сақлаб қолмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: