Хитойда уйида 300 дан ортиқ питон боққан эркак қамоққа ҳукм қилинди

Хитойда уйида 300 дан ортиқ питон боққан эркак қамоққа ҳукм қилинди

Хитойда уйида 300 дан ортиқ питон кўпайтирган эркак қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

 

Питонлар Хитойда иккинчи даражали қўриқланадиган ҳайвонлар қаторига киради. Шу сабабли уларни расмий рухсатномасиз сотиб олиш, сотиш, кўпайтириш ёки ташиш тақиқланади. Эркак уйида питон боқаётгани воқеаси 2024-йилги топилмадан сўнг бошланган. Ўша йилнинг март ойида Чжесзян провинцияси Тайчжоу шаҳридаги тоғ этагидан кекса эркак питон топиб олган. У судралиб юрувчи мазкур ҳудуд учун ноодатий ҳисоблангани туфайли расмийларга хабар берган.

 

Ҳодиса жойига келган мутахассислар илон питон эканини аниқлаган. Улар судралиб юрувчи маҳаллий турга мансуб эмаслиги ва март ойидаги об-ҳаво шароитида табиатда яшаб қолиши қийинлигини инобатга олиб, илон боқувчисидан қочиб кетганини тахмин қилган.

 

Питонлар доимий равишда илиқ ва нам муҳит (20-30 даража Цельсий) га муҳтож. Шу сабабли терговчилар бундай ҳайвонларни боқаётган шахс катта миқдорда электр энергияси сарфлаётган бўлиши мумкин, деган хулосага келган. Шундан сўнг полиция яқин атрофдаги уйларнинг электр истеъмолини таҳлил қилиб, Гуо фамилияли эркакни асосий гумонланувчи сифатида аниқлаган.

 

Гуо ишсиз бўлиб, ёлғиз яшаган. Кузатувлар давомида полициячилар унинг уйига Ди исмли шахс тез-тез келиб туришини аниқлаган. Мазкур шахс интернет орқали кўплаб оқ сичқонлар сотиб олиб, Гуога етказиб берган. Онлайн сотувчилар эса бу турдаги сичқонлар одатда судралиб юрувчи уй ҳайвонларини боқиш учун харид қилинишини тасдиқлаган. Бундан ташқари, Гуо ижтимоий тармоқларда илонларнинг суратларини улашиб, уларни сотиши мумкинлигига ишора қилиб келган.

 

Тергов давомида Ди икки питонни бошқа шахсга 1000 юанга (салкам 150 доллар) сотгани аниқланган. Шундан сўнг полиция Гуонинг квартирасида тинтув ўтказган. Квартирада бир-бирининг устига тахланган кўплаб пластик қутилар топилган. Ҳар бир қутида питон сақланган. Гуо барча мебелларини битта ётоқхонага жойлаштирган, қолган икки ётоқхона ва меҳмонхонани эса илонлар учун ажратган.

 

Тинтув чоғида унинг уйидан жами 309 та питон мусодара қилинган. Кейинчалик улар маҳаллий ҳайвонот боғига топширилган. Гуо судда илонларга узоқ йиллардан бери қизиқишини ва улардан қўрқмаслигини айтган. У 2014 йилда тўртта питон сотиб олган ва шундан бери уларни кўпайтириш усулларини ўрганиб келган.

 

“Мен турли рангдаги илонларни кўпайтира оламан. Ўзимни махлуқ яратувчидек ҳис қиламан”, деган у.

 

Полиция Гуо ва Ди шу вақтгача камида 80 та питон сотганини аниқлаган. Тергов давомида 2014 йилда Гуога дастлабки тўртта илонни сотган Ден исмли дўкон эгаси ҳам қўлга олинган. Унинг уйидан ҳам 47 та питон топилган. Тайчжоу суди Гуо, Ди ва Дэнни қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бироқ суд ҳукмларининг аниқ муддати ошкор этилмаган.

 

Тергов материалларига кўра, иш бўйича жами 436 та питон аниқланган. Уларнинг умумий қиймати 30 миллион юандан (4,4 миллион доллардан) ошади. Хитойда қўриқланадиган ҳайвонларга оид қоидаларни бузган шахслар беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: