Қатар Volkswagen’нинг Исроил билан келишувини тўхтатди

Қатар Volkswagen’нинг Исроил билан келишувини тўхтатди

Доҳадаги инвесторлар концерннинг Исроил учун ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқариш режаларини блоклади.

Volkswagen концернининг Исроилнинг Rafael компанияси билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш режалари қатарлик инвесторлар томонидан тўхтатилди. Бу ҳақда Bild газетаси хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Германия автомобилсозлик концернининг учинчи йирик акциядори ҳисобланган Қатарнинг суверен жамғармаси раҳбариятнинг Оснабрюкдаги заводда ракета тизимлари ва ҳарбий техника учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ҳақидаги таклифини рад этган.

Аввалроқ Volkswagen бош директори Оливер Блюме 2027 йилдан бошлаб мазкур корхонада Volkswagen гуруҳи автомобиллари ишлаб чиқарилиши тўхтатилишини маълум қилган эди. Шу билан бирга, у заводни ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқаришга қайта ихтисослаштириш бўйича бир нечта мудофаа компаниялари билан музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган.

Бу ташаббус Германияда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Volkswagen ходимлари, пацифистик ташкилотлар ва мухолифат вакиллари лойиҳага қарши чиқиб, концерн фақат фуқаролик маҳсулотларини ишлаб чиқариши кераклигини таъкидладилар.

Германиянинг «Сўллар» партияси Volkswagenнинг давлатга қарашли Rafael компанияси билан эҳтимолий ҳамкорлигини «мақбул эмас» деб атади. Партия бу позициясини Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳукуматига нисбатан Яқин Шарқдаги ҳарбий жиноятлар ва Ғазода фаластинликларга қарши геноцид содир этилгани ҳақидаги айбловлар билан изоҳлади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: