Ана, айбдор топилди!.. (видео)
Ҳамманг босар-тусарингни билмай, овозларинг борича йўлларнинг расво бўлиб кетаётганида йўлчиларни айбдор қилаётгандиларинг. Ундай эмаскан-ку. Мана ким айбдор? «Камаз»чи. Чунки у керагидан ортиқ юк ортган «Камаз»га. Энди шақиллатиб жарима тўлайди. Агар шунақа «камазчи»лардан беш-олтитаси ушланса борми, йўлларимиз ойнадай ялтиллаб кетади!..
Йўлчиларда бир грамм айб йўқ. Улар шағалга керакли миқдорда битум аралаштиришиб, роса ёпишқоқ қилишиб, кейин роса сифатли қилиб тайёрланган йўлга тўкишади. Керак бўлса, ажратилган пул етмай, улар харажатнинг қолганини ёнларидан тўлашади. Молларини сотишади, музлаткичларини, гиламларини бозорга олиб бориб сотишади. Сўнг йўл қурилишига ишлатишади… Нима бўлсаям халқ бўлсин. Халққа бўлсин, дейишади, барака топгурлар!.. Шунинг учун йўлчиларнинг жуда кўпининг, айниқса, бошлиқларининг уйлари йўқ. Бўлсаям пастмак, омонатгина турибди. Сал шамол бўлса, йиқиламан дейди… Сенлар бўлсаларинг, шундай хокисор, виждонли, бировнинг, айниқса, халқнинг пулига кўз олайтирмайдиган инсонларни айбдор қилаяпсанлар!..