Истанбулда Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди

Истанбулда Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди

 

Анқара шаҳридаги Президент саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Реджеп Тайип Эрдоғаннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

 

Давлат раҳбарлари бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Қурбон ҳайити билан бир-бирларини самимий қутладилар.

 

Музокаралар давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ҳозирги икки томонлама ҳамкорлик юксак суръатда давом этаётгани, барча даражалардаги алоқалар ва алмашинувлар шиддати мамнуният билан қайд этилди.

 

Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар кўрсаткичлари ортиб бормоқда, қўшма лойиҳалар ва корхоналар, авиақатновлар сони кўпаймоқда. Ўзаро маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

 

Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилиб, унинг натижасида саноат, “яшил” энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик дастури доирасида янги лойиҳаларнинг катта портфели шакллантирилди.

 

Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш, жумладан, Имтиёзли савдо битими доирасида маҳсулот турларини кенгайтириш вазифаси қўйилди. Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

 

Давлат раҳбарлари раислигидаги Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилингани мамнуният билан таъкидланди. Унинг биринчи йиғилиши бугун бўлиб ўтади.

 

Қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш ва рақамлаштириш соҳаларида ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

 

Хавфсизлик ва мудофаа, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

 

Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки давлат фуқароларининг борди-келдиси учун энг қулай шароитларни яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалаларини, жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини ҳам кўриб чиқдилар.

Дўстларингизга ҳам юборинг: