Смартфонлар орқали махфий кузатув: ФХХ янги даъво билан чиқди
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) хорижий махсус хизматлар юқори лавозимли россиялик амалдорларни смартфонлар орқали кузатганини маълум қилди.
ФХХ баёнотида айтилишича, амалдорлар қурилмаларига зарарли дастур жойлаштирилиб, улар орқали маълумотлар йиғилган, суҳбатлар тингланган ҳамда атрофдаги ҳолат видео ва аудио шаклида ёзиб олинган.
Расмий хабарда аниқ компаниялар номи келтирилмаган бўлса-да, ТАСС тарқатган материалларда Apple ва Cloudflare тилга олинган.
Эълон қилган видеоларда АҚШдаги Cloudflare ва Fastly компаниялари офислари кўрсатилган. Cloudflare интернет хавфсизлиги ва сайтларни ҳимоя қилиш хизматларини тақдим этувчи йирик компания ҳисобланади.
Шунингдек, «Касперский лабораторияси» мутахассиси Игор Кузнецовнинг айтишича, iPhone қурилмаларига ҳужум «кўринмас iMessage хабарлари» орқали амалга оширилган бўлиши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, хабар телефонга келиши билан зарарли дастур автоматик ишга тушган ва хабарнинг ўзи дарҳол ўчиб кетган.
ФХХ, шунингдек, тўпланган маълумотлар кейинчалик АҚШ ва Европа Иттифоқи санкция рўйхатларини шакллантиришда ҳам қўлланилганини иддао қилмоқда.
Cloudflare аввал ҳам Россия расмийлари билан зиддиятларга дуч келган. Роскомнадзор компанияни бир неча бор жаримага тортган ва 2025 йилда унинг айрим хизматларини блоклашга уринган эди.
ФХХ Apple’ни АҚШ разведкаси билан ҳамкорликда айблаши биринчи марта эмас. 2023 йилда ҳам Россия махсус хизмати iPhone қурилмалари орқали кузатув амалга оширилганини билдирган эди.
