2026 йилда иккинчи фарзанд учун суюнчи кимларга берилади

2026 йилда иккинчи фарзанд учун суюнчи кимларга берилади

Тошкентда 29 январь куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иккинчи фарзанд учун тўланадиган бир марталик нафақа — суюнчи пули бўйича амалдаги тартиб ўзгармаслигини маълум қилди.

Учрашувда вазирлик департаменти директори Шерзод Муҳамедовнинг айтишича, биринчи фарзанд учун суюнчи пулини Ижтимоий ҳимоя агентлиги барча аёлларга тўлиқ тўлаб беради. Иккинчи фарзанд учун эса фақат кам таъминланган, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилалар ушбу пулни олади.

Вазирлик расмийсига кўра, бу тартибни ўзгартириш бўйича ҳозирча на режа бор, на тайёр ишланма. Демак, 2026 йилда ҳам иккинчи фарзанд учун суюнчи пули барчага эмас, айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга тўланиши сақланиб қолади.

Суюнчи пули миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 70,3 фоизига тенг бўлиб, ҳозирги ҳисобда 890 минг сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил март ойидан буён биринчи фарзанд учун барча аёллар суюнчи пули оляпти, иккинчи фарзанд учун эса фақат ижтимоий ҳимояга муҳтожлар. Учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун бир марталик нафақа умуман берилмайди.

Бюджет кўрсаткичларига келсак, 2024 йилда суюнчи пули учун 382,4 миллиард сўм, 2025 йилда 275 миллиард сўм ажратилган. 2026 йилда эса бу йўналишдаги тўловлар 229,8 миллиард сўмга туширилиши белгиланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: