Россияга ишлаш мақсадида борган Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари сони камаймоқда — “Ведомости”
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россияга ишлаш мақсадида келган марказий осиёликлар сони 2.1 млн кишини ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 14 фоизга ёки 340 мингга камайган.
Давлатлар кесимида энг юқори пасайиш Ўзбекистонда кузатилган. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистондан Россияга ишлаш мақсадида борган мигрантлар сони 179 мингга камайган (13,2 фоиз). Тожикистон ҳамда Қирғизистондан эса қисқариш мос равишда 107,8 минг ҳамда 57,8 мингни ташкил этган. Қозоғистондан деярли пасайиш кузатилмаган бўлса, Туркманистондан ишлаш мақсадида Россияга борганлар 41 фоизга ошган.
Бунда, маълумот Россияда ишлаб турганлар сонини эмас балки январ-июнь ойларида Россияга ишлаш мақсадида борганлар сонини қамраб олади.
Ўзбекистон Миграция агентлигига кўра ҳозирги кунда 834,2 минг меҳнат мигрантларимиз Россияда фаолият олиб бормоқда. Лекин Россия томони бераётган маълумотга кўра биринчи ярим йилликнинг ўзида Россияга ишлаш мақсадида ташриф буюрганлар сони 1,2 млн кишини ташкил этган. Россия томони рақамларни ошириб кўрсатишдан, биз эса тескарисидан манфаатдормиз. Шу сабабли рақамлар фарқ қилиши турган гап.
