Испанияда собиқ вазирга коррупция учун 24 йиллик қамоқ жазоси берилди
Суд қарори 22 июн куни эълон қилинди. Испаниянинг собиқ транспорт вазири Хосе Луис Абалос «жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиш, товламачилик, маблағларни талон-торож қилиш, хизмат мавқеидан жиноий мақсадларда фойдаланиш ва пора олишда» айбланган эди.
Суд вакилларининг аниқлашича, ушбу таниқли сиёсатчи давлат буюртмаларини тақсимлаш эвазига нафақат пул шаклида, балки Мадрид ҳамда Ўрта денгиз соҳилидаги курортлардан квартиралар кўринишида ҳам пора олиб келган. Шунингдек, у давлат хизматига ойига 10 минг евро маош билан сохта шахсни ишга жойлаштириб, бу пулларни ўзи ўзлаштирган ва бундан ташқари, маъшуқасини юқори даромадли лавозимга тайинлаган.
Абалос, шунингдек, ҳокимият тепасидаги Испания социалистик ишчи партияси котиби лавозимини эгаллаган ва мамлакатнинг амалдаги бош вазири Педро Санчеснинг «ўнг қўли» ҳисобланган.
Парламент мухолифати етакчиси ва либерал Халқ партияси раҳбари Алберто Нуньес Фейхо ўз яқин сафдошининг қилмишлари учун «бош вазир Санчес сиёсий жавобгарликни ўз зиммасига олиши шартлигини» маълум қилди ва муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини талаб қилди.
